Қорақалпоғистонлик фаоллар ҳуқуқларини ҳимоя қилгани билан танилган фаол Ақилбек Муратбай Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консулхонасига суҳбат учун чақирилганини маълум қилди. Бу ҳақда Муратбай 25 октябрь куни X ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида ёзган.
Фаолга кўра, суҳбат икки соатга яқин давом этган ва “Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан Қорақалпоғистондаги яқинларига яқинда бўлган таҳдид”га, шунингдек, мухтор республикадаги инсон ҳуқуқларига оид умумий вазиятга алоқадор бўлган.
“Мендан сўзларимни журналистлар шишириб-бўрттира олмасликлари учун баёнотларим оҳангини юмшатиш сўралди”, деб ёзган Муратбай.
Журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари Ақилбек Муратбай Ўзбекистон консулхонасига чақирилгани муносабати билан Х ижтимоий тармоғида ўз хавотирларини изҳор қилишган.
“Жуда сергаклантиради одамни. Қорақалпоқлар ҳуқуқини оғишмай ҳимоя қилиб келганлардан бири ўзбекистонлик мулозимлар томонидан чақирилиб, Қорақалпоғистондаги инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича, хусусан, Ўзбекистонни ларзага келтирган 2023 йил июлидаги воқеалар ва оқибатлари бўйича чиқишлар қилишни тўхтатишга мажбур қилиш мақсадида босимга дучор қилинибди”, деб ёзган постсовет ҳудудидаги инсон ҳуқуқлари бўйича эксперт, ҳуқуқ фаоли Стив Свердлов.
Озодликнинг қозоқ хизмати бу борада изоҳ олиш учун Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консулхонасига мурожаат қилган, бироқ 26 октябрь куни консулхона телефонларига ҳеч ким жавоб берган эмас.
Ақилбек Муратбай ўз постида ўтган йилнинг 31 августида ҳам, хусусан Қўшқарбай Тўремуратов баёнотларининг “оҳанг”и ҳақида гаплашиб олиш учун Ўзбекистон консулхонасига таклиф қилишганини қайд этган.
Ўшандан икки ҳафта ўтгач – 13 сентябрь куни 48 ёшли диссидент блогер Қўшқарбай Тўремуратов ҳамда 54 ёшли мухолифатчи Жангелди Жақсимбетов Олмаотадаги ўз уйидан тутиб кетилган. Улар бир йил мобайнида тергов ҳибсхонасида ушлаб турилган.
Жорий ой бошида қорақалпоғистонлик бир гуруҳ фаоллар ЕХҲТнинг Варшавадаги конференциясида чиқиш қилишиб, Тошкент сиёсатини танқид қилишган ҳамда қорақалпоғистонлик фаоллар таъқиб этилаётганини гапириб беришган. Ақилбек Муратбай аввалроқ қорақалпоғистонлик фаоллар мазкур тадбирда иштирок этганларидан кейин унинг Қорақалпоғистонда яшовчи қариндошларига таҳдидлар бўлганини маълум қилган эди. Муратбайнинг ўзи Озодликка буни ўзига босим ўтказишга уриниш ўлароқ баҳолашини билдирган.
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси вакили Озодликнинг қозоқ хизмати билан суҳбатда Ақилбек Муратбайнинг Қорақалпоғистондаги қариндошларига босим бўлаётганига оид иддаоларини рад этган.
Қорақалпоғистон Ўзбекистон таркибидаги мухториятини бекор қилиш бўйича Тошкентнинг 2022 йилдаги ташаббуси Нукус ва бошқа жойларда оммавий норозилик намойишларини келтириб чиқарган. Қон тўкилиши билан якунланган Қорақалпоғистондаги норозилик чиқишлари ортидан Тошкент конституцияга киритиш таклиф этилган ўзгартишларни бекор қилган. Ўзбекистон расмийлари томонидан тақдим этилган расмий маълумотга кўра, ўтган йилнинг 1 ва 2 июль кунлари Нукусда бўлиб ўтган норозилик акциялари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, 200 дан зиёд одам тан жароҳати олган. Ҳодисадан кейин 500 киши қўлга олинган. Улардан бир қанчаси судланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.