Ўзбекистон Олий суди Шўролар даврида “босмачи” ликда айбланиб қатағон қилинган 240 кишига нисбатан бешта жиноят ишини қайта кўриб чиқди ва уларни оқлади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Расман билдирилишича, оқланганлар 1929-1931 йилларда ҳозирги Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида “совет ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий ҳаракатларни амалга оширган”. Улар Ўзбекистон ССР ва Қозоғистон ССР ватандошлари бўлган.
19 апрель куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 1930-31 йилда қатағон қилинган 208 нафар ўзбекистонликка оид учта жиноят ишини кўриб чиққан ва уларнинг барчасини оқлаган эди.
Мазкур шахслар Ўрта Осиё Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Учлик Кенгашининг 1930-31 йилдаги қарорлари асосида отувга ва Сибирдаги лагерларга ҳукм қилинганлардир.
Бунга қадар Олий судда қатағон қурбонларини оқлаш бўйича иш олиб бораётган гуруҳ томонидан 408 киши оқланган. Сўнгги қарор ортидан жами оқланганлар сони 856 кишига етди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида қилган чиқишида, СССР замонида юз минг ўзбекистонлик қатағон қилингани ва улардан 13 мингги отиб ташлангани тўғрисида гапирган эди.
Ўзбекистонда 2001 йилдан бери 31 август “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонланиб келинмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари президент Ислом Каримов давридаги сиёсий маҳбуслар реабилитациясини ҳам кун тартибига қўйишган, аммо ҳозирча саноқли одамларгина реабилитация қилинган.