Босния ва Герцеговинадаги отишмада уч киши нобуд бўлди

Босния ва Герцеговина шимолий-ғарбидаги Сански-Мост шаҳрида 21 август куни мактаб хизматчиси ўз ҳамкасбларини ўққа тутгани натижасида уч киши ҳалок бўлган. Ҳодиса ортидан ҳужумчи ўзини ҳам ўлдиришга уринган, бироқ тирик қолган. Полиция уни оғир аҳволда касалхонага етказган.

Полиция вакилининг маълум қилишича, ҳужумчи автоматик милтиқ билан қуролланган бўлган. Ҳодиса чоғида мактаб директори, унинг котибаси ва бир ўқитувчи аёл қурбон бўлган. Таътил вақти бўлгани туфайли мактабда болалар бўлмаган.

Полиция ҳужумчининг шахсини аниқлаган: у мактабда фаррош бўлиб ишлаган. N1 телеканали мактаб хизматчилари сўзларига таянган ҳолда фаррош билан раҳбарият ўртасида зиддият бўлгани ҳақида хабар қилган. Бундан ташқари, мактаб хизматчиларига кўра, у 1990-йиллардаги фуқаролар урушидан кейин посттравматик асабийликдан азият чекиб келган.

Associated Press агентлиги қайдича, ўтган асрнинг 90-йилларида Болқон минтақасида кузатилган фуқаролар урушидан кейин одамлар қўлида катта миқдорда қайдга олинмаган турли хил ўқотар қуроллар қолган. БМТ томонидан 2010 йилда ўтказилган тадқиқотга мувофиқ, ўша пайтда биргина Босния ва Герцеговинада 750 мингга яқин ноқонуний ўқотар қурол бўлган.