Ботир Зокиров қурилиш вазири лавозимидан кетди

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда 17 июль куни президент раислигида Тошкентда ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган.

Йиғилишда қайд этилишича, Ботир Зокиров ўз лавозимидан “соғлиги туфайли” озод этилган, унинг ўрнига эса вазирнинг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Ҳидоятов биринчи ўринбосар лавозимига тайинланган 2019 йилнинг сентябрига қадар Tashkent City Халқаро ишбилармонлик маркази қурилиши дирекциясини бошқарган, ундан аввал эса Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли Akfa ширкатлар гуруҳида қурилиш бўйича директор вазифасида ишлаган.

Шу ой охирида 61 ёшга тўладиган Ботир Зокиров 2019 йилнинг сентябридан буён қурилиш вазири лавозимида ишлаб келаётган эди. Ишдан бўшатилган мулозимга бошқа бирор лавозим бериладими ёки у соғлиғини тиклаш билан машғул бўладими – ҳозирча маълум эмас.

Аввалроқ маҳаллий матбуотда қурилиш вазири Ботир Зокировга алоқадор “Трест-12” ширкатига миллионлаб долларлик қурилиш лойиҳалари бир неча марта тендерсиз берилгани ҳақида хабарлар чиққан эди.