Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида ҳоким Дилфуза Ўролова 866 туп дарахтни кесишга рухсат бериш учун шу йил 4 октябрида 12 та рухсатнома имзолаган.
Хусусан, туман ҳокимининг қарори билан 4-R-30 автомобиль йўлининг икки томонида жойлашган 828 туп манзарали дарахт кесилган. Бундан ташқари, Газета.уз хабарига кўра, мулозима имзолаган яна 11 та ҳужжат асосида “Марказ”, “Зиёкор” ва “Соҳил” маҳаллаларида 5 тупдан, “Маданият” маҳалласида 7 туп, “Фарҳод” маҳалласида эса 16 туп дарахтни кесишга рухсат берилган.
Бу борада ўрганиш олиб борган Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мазкур дарахтларни кесишга “табиий иқлим таъсирида қуриб қолгани” туфайли рухсат берилганини билдирган.
Туман ҳокими қарори билан дарахтларни кесиш учун масъул бўлган Sirdaryo Yo’l Ko’klam МЧЖ зиммасига кесилган ҳар бир дарахт ўрнига ўн тупдан дарахт экиш вазифаси юклатилган.
Ўтган ой Озодлик Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Амирсой” курортида 700 тупга яқин ноёб дарахт кесиб ташлангани, бу борада прокуратура жиноят иши қўзғатгани ҳақида хабар қилган эди.
Шу йилнинг 24 август куни ўтказилган видеоселекторда президент Мирзиёев дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилгани ҳақида билдирган. Ўшанда президент октябрь-ноябрь ойларида мамлакат бўйлаб 55 миллион туп, келгуси йил баҳор мавсумида эса 70 миллион туп дарахт экишга кўрсатма берган.