Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида жойлашган Бойқўнғир космодромида Ҳолландия ва Бельгия фуқаролари бўлган уч нафар чет эллик қўлга олинган. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС агентлиги куч ишлатар тузилмалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса 9 июль куни содир бўлган. Россия агентлиги иддаосига кўра, қўлга олинган европаликлар космодром ҳудудига ноқонуний кириб олган.
Уларнинг Бойқўнғир ҳудудига нима мақсадда киргани маълум эмас. Хабарга мувофиқ, Россия куч ишлатар идоралари ҳолатни ўрганмоқда.
Июнь ойи бошида Бойқўнғир космодроми ҳудудига яқин жойда франциялик икки фуқаро юргани хабар қилинган эди. Иддаога кўра, улар космодром ичига киришга уринган диггерлар, яъни турли иншоотлар, ерости масканлари, базалар ва ташландиқ объектларни тадқиқ этувчи кишилар бўлган.
Россия Қозоғистонга йилига 115 миллион доллар тўлаб, Бойқўнғир шаҳри ва космодром жойлашган ҳудудни ижарага олган. Ижарага оид келишув муддати 2050 йилда тугайди.