Бойсун конидаги авария ортидан аҳоли эвакуация қилинди

Бойсундаги олтингугурт гази сизиб чиққани айтилаётган қудуқ (Сурхондарё вилояти ҳокимлиги фотоси)

Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани “Кўлқамиш” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-қудуқда 1 сентябрь куни олтингугурт гази чиқиши кузатилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, аварияга қудуқда "бурғулаш ишлари олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши” сабаб бўлган.

“Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган”, дейилган ФВВ хабарномасида.

Айни пайтда вазирлик ҳодиса чоғида фуқаролардан ҳеч ким тан жароҳати олмагани ва ҳалок бўлмаганини, “вазият тўлиқ назорат остида” эканини урғулаган.

Бу орада Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати авария содир бўлган ҳудудга вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, алоқадор мутасадди ташкилот ва идоралар ҳамда бошқармалар масъуллари етиб боришганини маълум қилган.

“Айни вақтда фавқулодда ҳолат содир бўлган ҳудудда ҳавонинг ифлосланиш даражасини ўрганиш, келиб чиққан ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, дейилган ҳокимлик хабарномасида фуқаролардан ортиқча саросимага берилмаслик, ижтимоий тармоқ фаолларидан эса аҳоли ўртасида ваҳима уйғотувчи материалларни тарқатмаслик сўралган.