Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек контентида Тошкентдаги Қўйлиқ бозорининг бошқа жойга кўчирилишидан норози бўлган юздан ортиқ одам автомобил йўлини тўсишга ҳаракат қилаётгани тўғрисидаги видеолар тарқалди.
Ҳозирча Тошкент шаҳар ҳокимлиги мазкур видео юзасидан муносабат билдиргани йўқ. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси эса “Дарё” нашрига “вазият бўйича иш олиб борилаётганини, яқин вақт ичида расмий изоҳ берилишини” билдирган.
Аввалроқ “Газета.uz” Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўл кенгайтирилиши баҳонасида Қўйлиқ бозорини ҳозирги ўрнидан камида 6,5 километр нарига – Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида барпо этилган Food City савдо маркази ҳудудига кўчиришга қарор қилгани тўғрисида хабар берган.
Тошкент шаҳар ҳокимиятининг иддао қилишича, бозорни Food City ҳудудига кўчиришни савдогарларнинг ўзлари илтимос қилган.
Озодлик радиоси Қўйлиқ бозори Ўртачирчиққа қўчирилиши режалаштирилаётгани, аммо бу иш қачон амалга оширилиши номаълум бўлиб қолаётгани тўғрисида 2018 йилнинг 27 апрелида хабар берган эди.