БП: 40000 доллар пора олган терговчи қочиб кетди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳри Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчиси Ш.Ш. 40 минг доллар миқдорида пора олгач, қочиб кетган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, тадбиркор И.Х. ариза билан мурожаат қилиб, терговчи унинг корхонасига қарши очилган жиноят ишини ҳал қилиб бериш эвазига пора талаб қилганини айтган.

Ушбу ариза асосида жорий йилнинг 7 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Ш.Ш. ариза муаллифидан келишилган 40 минг АҚШ долларини олиб, жиноий таъқибдан қутулиш мақсадида номаълум томонга яширинган. 40 минг АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган”, дейилган БП баёнотида.

Прокуратура ўз хабарномасида тезкор тадбирнинг асосий нишони бўлган терговчи қандай қилиб таъқибдан қочиб қутулгани ва 40 минг доллар маблағ қай тарзда ундан олиб қўйилганига ойдинлик киритмаган.

Ҳолат юзасидан Ш.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчига нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган ва қидирув эълон қилинган.

Жорий йилнинг 13 февраль куни Бухоро вилояти Когон тумани прокурори 100 минг доллар билан қўлга тушгани ҳам жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.