Ўзбекистон президенти администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қарши ўтган ҳафта охирида уюштирилган суиқасд ҳаракатига алоқадорликда гумонланган яна уч нафар шахс қўлга олинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълумот тарқатди.
“Ўтказилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган шахсларнинг яна уч нафари аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушланди”, дейилган БП томонидан 28 октябрь куни тарқатилган хабарномада.
Расмий маълумотларга кўра, 26 октябрь куни Қибрай туманида юз берган ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248-моддаси (ўқотар қурол ва ўқ-дорилар, портловчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилган.
Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, қуролли ҳужумга учраган автомобилда Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби ва президент администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Комил Алламжонов бўлган.
Сайлов арафасида амалга оширилган суиқасд уриниши ортидан Бош прокуратура, Ҳарбий ва Транспорт прокуратуралари, ИИВ ҳамда Божхона қўмитаси ходимларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилган.
Аввалроқ БП мазкур ҳодиса юзасидан “жамоатчилик орасида турли нотўғри талқин ва тахминлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида, оммавий ахборот воситаларидан прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор ёки тергов тадбирларини ёритишда фақат Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан тақдим этилган расмий маълумотларга таяниш ва ҳавола келтириш”ни сўраб, баёнот тарқатган эди.
“Бош прокуратура аҳоли орасида ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини яна бир бор эслатади”, дейилган баёнотда.
40 ёшли Комил Алламжонов шу йилнинг 30 сентябрида Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари ва Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимидан истеъфо берган эди.
Унинг ўзи фаолиятини бизнесда давом эттиришини айтган, аммо истеъфоси тафсилотлари ҳамда кейинги режаларини очиқламаган.
Алламжоновнинг кутилмаган истеъфоси президент Мирзиёев маъмуриятидаги “ички курашлар” билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинганди.