Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент вилоятидаги “Дендропарк”да 2017 йилдан буён қатор объектлар ноқонуний қурилгани ва ноёб дарахтлар кесилгани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатган.
Бош прокуратура матбуот хизмати қайдича, БП, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва бошқа мутасадди давлат идоралари билан ҳамкорликда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳудудида ўсимликлар дунёси муҳофазаси ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш аҳволи ўрганилган.
Ўрганиш чоғида Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган “Дархон” илмий-тажриба станцияси (“Дендропарк”) ер майдонлари мутахассислар иштирокида кўздан кечирилиб, дарахтларни нобуд қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар аниқланган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 198 (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилган хабарномада айни пайтда бу бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.
Октябр ойи бошида БП матбуот хизмати Тошкент туманидаги мазкур манзарали боғдорчилик ва ўрмон илмий-тажриба хўжалиги ҳудудида экилган ноёб ёнғоқ дарахтлар нобуд қилинаётгани ҳақида маълумот тарқатган эди. Ўшанда 85 туп ноёб ёнғоқ дарахти кесиб ташлангани, дарахтларнинг 103 тупи эса масъулиятсизлик сабаб қуриб қолгани қайд этилган.