Наманган вилоятидаги қамоқхонада маҳкум вафоти билан боғлиқ ҳолат юзасидан Поп тумани прокуратураси терговга қадар текшириш ҳаракатларини ўтказмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
БП хабарномасида наркотик савдоси учун судланиб, Попдаги қамоқхонада жазо ўтаётган маҳкум 23 май куни ишлаб чиқариш цехи худудида ўзини осиши натижасида вафот этгани айтилган. Шамсутдиновга кўра, “мурдани кўздан кечириш давомида бўйин соҳасида странгуляцион эгатдан ташқари бошқа тан жароҳатлари аниқланмаган”. Айни пайтда БП вакили ҳолат юзасидан текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланишини урғулаган.
Попда 24 ёшли маҳкум Шаҳзод Субҳанов ўз жонига қасд қилгани ҳақида аввалроқ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилган эди.
Ҳуқуқ фаолига кўра, Шаҳзоднинг онаси Юлдуз Болтаева ўғлининг танасида қийноқ излари борлиги, у 11 май куни уйига қўнғироқ қилиб, қамоқхонада ўзига азоб беришаётгани ҳақида айтганини таъкидлаган.
Шаҳзоднинг яқинлари маҳкумнинг ўз жонига қасд қилганига ишонмаётганини қайд этган Ташанов Бош прокуратура, ИИВ ва омбудсмандан “жамоатчилик иштирокида тезкор текширув ўтказиб, ҳолатга қонуний баҳо бериш”ни сўраган.
“Эзгулик” раисининг чақириғига жавобан Бош прокуратурадан ташқари Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳам Поп қамоқхонасида содир бўлган ўлим ҳодисаси ўз назоратига олинганини маълум қилган. Бунга оид хабарномада ҳолат Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига бориб ўрганилаётгани, ўрганиш якунлари бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот берилиши қайд этилган.