Тошкентдаги меҳмонхоналардан бирида 47 ёшли россиялик журналист Инесса Паперная ва яна икки кишининг ўлими юзасидан жиноят иши очилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.
БП мулозимига кўра, вафот этганларнинг ўлими сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган, тергов ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон пойтахтининг Миробод туманида жойлашган “Караман палас” меҳмонхонасида россиялик журналист аёл вафот этгани ҳақида аввалроқ “База” нашри хабар қилган эди.
Нашр қайдича, “Лента” онлайн-газетаси ва “Профиль” журналида ишлайдиган Инесса Паперная Ўзбекистонга таътилга келган эди. У “Караман палас”да ҳамроҳи билан биргаликда қолган. 20 октябрь оқшомида журналист аёлга посилка келган. Меҳмонхона ходимлари Инессага телефон орқали боғлана олишмаган, эшик тақиллашига ҳам ҳеч ким жавоб бермаган. Ходимлар эшикни бузиб киришга қарор қилишган. Улар ичкарига киришгач, Паперная ва ҳамроҳининг жасадига дуч келишган.
БП вакили Ҳаёт Шамсутдинов маҳаллий нашрларга россиялик журналист аёл ва ҳамроҳининг жасади топилган хонага қўшни бўлган номерда ўзбекистонлик яна бир кишининг жасади топилганини билдирган.
Дастлабки тахминларга кўра, меҳмонхона мижозлари вентиляция тизими орқали кирган газдан заҳарланган бўлиши мумкин. 19 октябрдан 20 октябрга ўтар кечаси меҳмонхонада ҳовуз тозаланган — афтидан, заҳарли газ мўри орқали меҳмонхона мизожлари хонасига кирган бўлиши мумкин.
“База” нашри ҳодиса ортидан “Караман палас” муҳрлаб кетилгани, айни пайтда тергов ишлари олиб борилаётгани, журналист аёлнинг жасади эса икки кун ичида Москвага етказилишини қўшимча қилган.