Ўзбекистон Сузиш федерацияси мансабдор шахслари сузиш спорти учун ажратилган маблағлар ҳисобидан терма жамоа аъзоси бўлмаган, аслида Федерация Бош котиби А. Г. нинг оила аъзолари бўлган Н. Г., М. Г. ва бошқа жами 15 нафар фуқарони Туркияга дам олишга йўллаб, 405 миллион сўм маблағ талон-торож қилинишига сабаб бўлишган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълумот тарқатди.
БП федерация маблағлари ҳисобидан дам олиш учун Туркияга юборилган қолган 13 нафар кишининг шахси, бу одамлар кимларнинг яқини бўлгани, дам олишга нима учун айнан шу шахслар йўлланганига оид маълумотларни келтирган эмас.
Бош прокуратура қайдича, федерацияда амалда ўтилмаган ўқув-машғулот йиғинлар учун сохта буйруқлар асосида 458 миллион сўм маблағ ҳам ўзлаштирилган.
“Бундан ташқари, Федерацияга халқаро мусобақа ва ўқув машғулотлари ўтказиш учун ҳомийлар томонидан ажратилган 1,2 млрд. сўм маблағлар мақсадсиз сарфланиб, талон-торож қилинган”, дейилган хабарномада.
Бош прокуратура Сузиш федерациясида жами 2 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ талон-торож қилингани юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, назорат тадбирлари давом этаётганини қайд этган.