Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида 16 яшар қизнинг бир неча эркак томонидан зўрланганига оид ҳолат бўйича 3 киши қамоққа олинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълумот тарқатди.
БП расмий баёнотида мазкур ҳолат билан боғлиқ жиноят иши юзасидан Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, тергов давомида 8 нафар шахс гумонланувчи, 3 нафар шахс айбланувчи тариқасида ишга жалб қилингани ва бу уч кишига нисбатан “қамоққа олиш” тарзида эҳтиёт чораси қўлланилгани билдирилган.
Жиноят иши доирасида қатор мураккаб экспертизалар ўтказилиб, ҳолатга алоқадор шахслар батафсил сўроқ қилинаётганини урғулаган хабарномада тергов ҳаракатлари ўтказилганидан кейин иш бўйича қонуний тўхтамга келиниши ва бу жараён Бош прокуратура назорати остида тургани қўшимча қилинган.
Янгиариқ туманида ўтган йилнинг август ойида 2006 йилда туғилган қизнинг ўндан зиёд киши томонидан муттасил зўрлаб келинганига оид дастлабки маълумотни блогер Никита Макаренко ўз телеграм-канали орқали тарқатган эди.
“Афтидан, Хоразм вилоятига педофиллар тармоғини фош қилиш учун Тошкентдан махсус гуруҳ юбориш керакка ўхшайди” деб бошланган постда қайд этилишича, қизга жинсий тажовуз қилган шахслар жазоланмаётганидан норози бўлган қариндошлар блогерга мурожаат қилишган.
Макаренко бу борада болалар омбудсменига юзланиши ва ишга Алия Юнусова аралашгани ортидан 3 киши ҳибсга олингани ҳақида ёзган эди.