Бразилия “Спутник V” вакцинасини рўйхатга олишдан бош тортди

Бразилия Миллий санитария назорати агентлиги (Anvisa) 26 апрель куни “Спутник V” вакцинасининг “ўзига хос хатарлари” ва “жиддий қусурлари” борлигини маълум қилиб, Россиянинг коронавирусга қарши ушбу препаратини импорт қилиш учун рухсатнома беришни рад этди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилган.

Вакцинани маъқуллашга қарши Anvisa директорлар кенгашининг барча аъзолари — жами 5 киши овоз беришган. Агентлик вакили баёнотига кўра, мазкур қарор ташкилотга тақдим этилган ҳужжатларни, бошқа регуляторлардан олинган маълумотлар ҳамда “шахсий инспекция” маълумотларини баҳолаш натижасида қабул қилинган.

Россия вакцинасига нисбатан асосий эътироз — унинг таркибида одам аденовируси мавжудлигида, зеро, регуляторнинг иддаосича, мазкур вирус кўпайиш хусусиятига эга.

Агентликнинг биологик ва тиббий маҳсулотлар бўлими бошлиғи Густаво Мендешга кўра, тиббиёт соҳаси учун масъул расмийлар буни “жиддий қусур” деб топишган.

Вакцина иммунитетни чиниқтириш учун аденовируснинг икки тури ёрдамида ковид антигенини инсон ҳужайраларига олиб киради. Бунинг салбий оқибатлари — препаратни синаш жараёнида ҳам, унинг қўлланишига оид Аргентина тақдим этган батафсил ҳисоботларда келтирилган статистикада ҳам қайд этилмаган.

Бироқ технология (ундан бошқа вакцина ишлаб чиқарувчилар ҳам фойдаланади) бозор учун янги ҳисобланади, “Спутник” эса оммавий қўллашга мўлжалланган рўйхатга олинган биринчи векторли вакцина бўлди.

Регулятор қарори Бразилияда COVID-19 билан касалланганлар сони кескин ортганига ва 19 штатнинг барчаси расмийлари федерал ҳукуматни “Спутник” импортига рухсат беришга чақираётганидан қатъи назар қабул қилинган. Россия томони эса Бразилиянинг вакцинани рад этиш қарорига сиёсий тус бермоқда.

“Спутник V” дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакати, жумладан Ҳиндистонда ва Бразилияга қўшни Аргентинада фойдаланиш учун тавсия қилинган. Бундан ташқари, Евроиттифоқдаги бир мамлакат – Венгрия ҳам, умумевропа регулятори қарорини кутиб ўтирмай, Россия вакцинасини қўллашга рухсат берган.

ЕИнинг тиббиётга масъул расмий идоралари препаратни ўрганмоқда. Улар вакцина синови ҳамда ишлаб чиқариш жараёни тўғрисида кенгроқ маълумот олишмоқчи. Яқинда Словакия регулятори мамлакатга келтирилган “Спутник V” вакциналарининг бир қисми илмий журналлардаги таърифига мос келмаслигини маълум қилганди. Ишлаб чиқарувчи бу иддаони “ҳақиқатга тўғри келмайди” дея баёнот берган, расмий Москва эса мазкур эътирозни ҳам сиёсий сабаблар билан боғлаган.