Бразилия жанубида кузатилган кучли тошқин камида 107 кишининг умрига зомин бўлди, яна 136 нафар киши бедарак йўқолди.
Ҳудудда қутқарув ишлари давом этмоқда. 9 май куни қутқарувчилар сув босган уй томида икки суткага яқин қолиб кетган отнинг ёнига етиб боришган.
Тошқиндан жабр кўрган Риу-Гранди-ду-Сул штатида яшовчи 165 мингдан зиёд одам қайиқ ва вертолётлар ёрдамида сув босган уйларини тарк этишга мажбур бўлишган. Тошқин штат маъмурий маркази бўлмиш Порту-Алегри шаҳрига элтадиган йўлни тўсиб, инфратузилма объектлари ва кўприкларни ишдан чиқарган. Reuters агентлигининг хабар қилишича, Порту-Алегрида дўконларнинг пештахталари бўшаб қолган, тунлари эса ўғриликлар содир бўлмоқда.
Штат расмийлари фермер хўжаликларига ҳам зарар етказган тошқиндан кейинги тикланиш ишлари учун, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, камида 3,7 миллиард доллар миқдорида маблағ лозимлигини билдиришган. Федерал ҳукумат табиий офат оқибатлари кўламини сув чекиниши билан баҳолаш ниятида эканини қайд этган.
Яқин кунлар ичида Риу-Гранди-ду-Сул штатида шиддатли ёғин-сочин кучайиши тахмин қилинмоқда, бу эса сув сатҳининг янада кўтарилишига олиб келиши мумкин.