Миср, Эрон, Саудия, БАА ва Эфиопия БРИКСга аъзо бўлди

Иллюстратив сурат.

Россия, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва Жанубий Африкани бирлаштирган БРИКС ташкилотига 1 январдан Миср, Эрон, Саудия Арабистони, БАА ва Эфиопия расман аъзо бўлди. Улар ташкилотга қўшилиши тўғрисида 2023 йилнинг августида маълум қилинган эди.

Ўшанда Аргентина ҳам ташкилотга аъзо бўлишга таклиф қилинганди. Бироқ декабрда мамлакатнинг янги президенти Хавьер Милей Россия ва Хитойни Аргентина ташкилотга аъзо бўлишдан бош тортгани ҳақида расман огоҳлантирган.

БРИКСга янги аъзолар қўшилиши ортидан у дунёнинг 45 фоиз аҳолиси яшайдиган ва жаҳон ЯИМнинг учдан бирини ишлаб чиқарувчи мамлакатларни бирлаштирган йирик ташкилотга айланди. Ташкилотга аъзо давлатлар жаҳон нефть захирасининг 45 фоизига эгалик қилади.

БРИКС аъзоларининг асосий қисми Россиянинг Украинага қарши урушида бетараф позицияни эгаллаган ва Ғарбнинг Москвани халқаро ҳамжамиятдан ёлғизлатиб қўйиш уринишига қаршидир. Январь ойидан ташкилотга раислик ваколати Москвага ўтди.

Экспертлар фикрича, ҳозирда ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро иқтисодий ҳамкорлиги ва самарадорлиги унча катта эмас. Бундан ташқари, БРИКС ташкил этилганида унга аъзо давлатларда юксак иқтисодий ривожланиш кузатилган эди, ҳозирда эса иқтисодий ўсиш анча пасайган.