Британия қироличаси Елизавета II 6 сентябрь куни собиқ ташқи ишлар вазири Лиз Трассни бош вазир лавозимига тайинлади. У Трассга кейинги ҳукуматни тузишни топширди.
Мазкур учрашув қироличанинг Шотландиядаги қароргоҳида – Балморал саройида бўлиб ўтди. Бундан аввалроқ Елизавета II бу саройда Борис Жонсоннинг истеъфосини қабул қилган.
Одатда Британия монархи бош вазирларни Букингем саройи ёки Виндзор қасрида тайинлар эди, бироқ бу сафар врачлар 96 ёшли қироличага Шотландияни тарк этмасликни маслаҳат беришган.
Даунинг-стрит маълумотига кўра, Лиз Трасс Лондонга қайтганидан кейин биринчи бўлиб Украина президенти билан телефон орқали мулоқот қилган. У Зеленскийнинг Украинага сафар қилишга оид таклифини қабул қилган.