Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон 23 апрель куни Ўзбекистон пойтахтига етиб келган.
ЎзА хабарига кўра, ҳозирда Кэмерон Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги биносида ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан музокара ўтказмоқда.
“Учрашувда минтақавий хавфсизлик, таълим, иқлим ўзгариши, икки томонлама савдо ҳамда бизнес алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилмоқда”, дейилган хабарда.
Британия ТИВ раҳбари Ўзбекистонга Марказий Осиё минтақасининг беш давлати ва Мўғулистонга сафари доирасида ташриф буюрган. Ташрифдан мақсад иқтисодий тараққиёт ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақа давлатлари мустақиллигини мустаҳкамлаш юзасидан музокара ўтказиш экани айтилган.
Ўзбекистонга ташрифдан аввал Британия бош дипломати 22 апрель куни Душанбе ва Бишкекда бўлиб, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашган. Кэмероннинг айни пайтда қисқа муддатли меҳнат таътилида бўлган Ўзбекистон президенти билан учрашиш-учрашмаслиги ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.
Бу Британия ташқи ишлар вазирининг сўнгги 27 йил ичида Тошкентга илк сафаридир. Кэмерондан аввал Ўзбекистонга 1997 йил февралида ўша пайтда Британия ТИВ раҳбари бўлган Малкольм Рифкинд ташриф буюрган эди.