Буюк Британияда 3 август куни ўнг кучлар томонидан мигрантларга қарши уюштирилган янги намойишлар бутун мамлакат шаҳарлари бўйлаб тартибсизликларга айланиб кетди. Бу каби намойишлар якшанба (4 август) куни ҳам давом этган.
Тартибсизликлар Халл, Ливерпуль, Бристоль, Манчестер, Сток-он-Трент, Блэкпул ва Белфастда кузатилган. Унда иштирок этган шахслар дўконларга шикаст етказиб. полициячиларга ҳужум қилишган. Айни пайтда, Би-би-си қайдича, қатор жойларда ўтказилган кичикроқ акцияларда зўравонлик ҳолатлари содир этилмаган.
Британия бош вазири Кир Стармер “адоват қўзғатишга уринаётган экстремистлар”га нисбатан чора кўрилиши бўйича полицияга “ҳукумат томонидан тўлиқ дастак” берилишини ваъда қилган.
Британияда юзага келган тарангликка 29 июль куни Саутпортдаги рақс студиясида уч қизчанинг ўлдирилиши сабаб бўлган. Пичоқ билан амалга оширилган ҳужум чоғида яна 10 га яқин киши жароҳат олган. Жиноятга гумонланиб 17 яшар ўсмир қўлга олинган.
Сўнгги 10 йил ичида Британияда юзага келган энг оммавий тартибсизликлар экани айтилаётган ҳодисалар ижтимоий тармоқларда болаларга ҳужум қилган шахс мигрант ва радикал исломчи экани ҳақида маълумот тез тарқалиб кетгани ортидан бошланган. Полиция бу маълумот ёлғон эканини билдириб, гумонланувчи Аксель Рудакубана Буюк Британияда туғилганини, унинг ота-оналари эса католик динига мансуб руандаликлар эканини қайд этган.
Расмийларнинг бу баёнотлар зўравонлик, ўт қўйиш ва талон-торож қабатида кечаётган мигрантларга қарши намойишларни тўхтата олмади. Полиция талончиларнинг фаол ядросини Англия мудофаа лигасининг миллатчи тарафдорлари ташкил этади, деб ҳисоблайди. Бу ташкилот мухлислари футбол безорилари билан боғлиқ. Бунақа Лига расман мавжуд эмас.
Британияда сўнгги йилларда пичоқ иштирокида бир неча шов-шувли ҳужум содир бўлган. Уларнинг айримлари радикал исломчилар томонидан амалга оширилган терактлар бўлган.