Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ҳукмрон Консерватив партиянинг янги лидери этиб сайланди - у бош вазир Борис Жонсон ўрнига келади.
Ўзининг янги раҳбарини сайлаган Консерватив партия аъзоларининг овоз бериш натижалари 5 сентябрь куни эълон қилинди. Унга кўра, Трасс ўз рақиби – собиқ молия вазири Риши Сунакни ортда қолдирган. Трассни овоз беришда қатнашганларнинг 57 фоиздан кўпроғи (партия аъзоларининг 80 минг нафардан кўпроғи) ёқлаган. Сунакни ёқлаб эса консерваторларнинг 60 минг нафардан кўпи овоз берган.
Сайлов ташвиқоти чоғида Трасс Британияни қамраб олган энергетика инқирози билан курашда кескин чоралар кўришни ваъда қилган. Айни пайтда у бош вазир лавозимида Украинани оғишмай дастаклаб, Россияга қарши туришда давом этишини урғулаган. Бу ерда эътиборни тортган жиҳат Трасснинг зарурат туғилган тақдирда “ҳеч иккиланмай” ядро тугмасини босиш ҳақида айтганлари бўлган.
Унинг салафи Борис Жонсон Консерватив партия ҳамда Британия ҳукумати тепасига 2019 йили бош вазир Тереза Мэй истеъфосидан кейин келган эди. Украинанинг энг катта дастакчиси ва дўсти бўлган Жонсон ўз мамлакатидаги можаролар ортидан июль ойи бошида истеъфо беришга мажбур бўлган.