Брюссель Грузияни “хорижий агентлар”га оид қонундан воз кечишга чақирди

Эстония, Литва ва Исландия ташқи ишлар вазирлари Тбилисидаги митингда, 2024 йил 15 майи

Еврокомиссия ва ЕИнинг ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель 15 май куни расман Грузия расмийларини “Ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни тасдиқлашдан воз кечишга чақирди. Танқидчилар бу қонунни Россиядаги “хорижий агентлар тўғрисида”ги репрессив қонуннинг муқобили, деб аташмоқда.

ЕИ раҳбарияти баёнотида қонуннинг бутунлай қабул қилиниши Грузиянинг европача истиқболига салбий таъсир кўрсатиши айтилган. Еврокомиссия мулозимлари фикрича, қонун лойиҳаси фуқаролик жамиятига путур етказиб, ОАВ эркинлиги учун хавф туғдиради.

“Қайси йўлни танлаш Грузия қўлида. Биз Грузия расмийларини қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирамиз”, дейилган баёнотда.

Унда, қонун кучга кирган тақдирда, конкрет оқибатлари қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида айтилган эмас. Бироқ Financial Times нашрининг ЕИдаги уч мулозим сўзларига таянган ҳолда қайд этишича, бу тақдирда Грузиянинг ЕИга кириш аризаси музлатилади. Ўтган йили Грузия расман Европа Иттифоқига киришга аъзо мамлакат мақомини олган эди, ваҳоланки бу ҳақдаги музокаралар ҳали бошланган ҳам эмас.

Грузияда баҳсли қонун қабул қилиниши юзасидан Қўшма Штатлар ҳам ташвиш билдириб, Тбилиси расмийларини ундан воз кечишга чақирган. АҚШ Давлат котиби ўринбосари Жеймс О’Брайен 14 май куни Тбилисидаги матбуот анжуманида, агар сешанба куни қабул қилинган қонун лойиҳаси ҳозиргидек ЕИ ва НАТО меъёрларига зид шаклда қоладиган бўлса, АҚШ Грузияга кўп миллион долларли ёрдам дастурини қайта кўриб чиқиб, норозиларга қарши репрессияларга алоқадор бўлганларга қарши санкциялар жорий этиши мумкинлигини билдирган.

Қонун лойиҳаси 14 май куни Грузия парламенти томонидан учинчи - якуний ўқишда маъқулланган. Унинг муҳокамаси ва қабул қилиниши Тбилисидаги кўп минг кишилик кўча намойишлари манзарасида амалга ошган. Полиция парламент биноси олдида йиғилаётган намойишчиларга қарши тез-тез куч қўллаяпти, икки ўртада тўқнашувлар содир бўлмоқда. Ҳужжат ҳали кучга кирган эмас, Грузия президенти Саломе Зурабишвили унга вето қўйишни ваъда қилган. Бироқ парламент президент ветосидан устун келиш учун етарли овозга эга.

15 май куни Тбилисида қонун лойиҳасига қарши галдаги акция бўлиб ўтди. Норозилик юришида Грузияга ташриф буюрган Эстония, Литва ва Исландия ташқи ишлар вазирлари иштирок этишди. Улар парламент олдидаги минбардан туриб митинг қатнашчиларига мурожаат қилишди. Литва ТИВ раҳбари Габриэлюс Ландсбергис Грузия халқи учун европача истиқбол истаётганини билдирди. Аввалроқ вазирлар мамлакат президенти Саломе Зурабишвили ва парламент раиси Шалва Папуашвили билан учрашишган.

Баҳсли қонун қабул қилинса, ўз молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган барча ташкилотлар ва гуруҳлар хорижий агент ўлароқ рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади. Қонун лойиҳаси ташаббускорлари қонун Грузияни чет элдан молиялаштириладиган норозилик акциялари, радикал партиялар ва пропагандачи медиадан ҳимоя қилиш учун зарурлигини айтишмоқда. Мазкур қонунни бузганлар йирик миқдорда жарима тўлашлари керак бўлади. Ҳужжат муаллифлари ундаги моддалар Россия қонунчилигидан эмас, АҚШ қонунчилигидан олинганини урғуламоқдалар.

Мухолифатчилар, хусусан, Михаил Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракат” партияси тарафдорлари қонун лойиҳаси фуқаролик жамиятига қарши қатағонларни машруълаштириб, Грузияни Ғарбдан юз буришига ва “Россия томонидан ютиб юборилиши”га олиб келишини иддао қилишмоқда.

Грузиядаги баҳсли қонун лойиҳасига қарши норозилик акциялари хусусида Озодлик аввал ҳам бир неча мақола ва видеолавҳалар тайёрлаган: