Ўзбекистонда бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бу ўзгартиш мамлакат президенти томонидан шу йил 30 декабрида имзоланган “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалари киритиш тўғрисида”ги қонун билан киритилган. Мазкур тартиб 2021 йил 1 апрелидан кучга киради.
Қонун билан бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартиби белгиланган. Унга кўра, бюджет маблағлари тақсимловчилар, давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25 санасига қадар ўз сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириши лозим:
- ўзига тегишли бюджет ташкилотлари кесимида бюджет маблағлари тақсимоти;
- даврий молиявий ҳисоботлар;
- давлат мақсадли жамғармаларидан субсидиялар вa кредит олувчилар;
- капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси.
Мазкур қонун билан Бюджет кодекси Солиқ кодекси ҳамда амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилган. Хусусан, Бюджет кодексига тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларга оид меъёр киритилган. Унга кўра, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар қайтармаслик шарти билан ҳудудий бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари харажатларининг тегишли даромадлар прогнозидан ошган қисмини қоплаш учун берилади.