Германия парламентининг қуйи палатаси– Бундестаг тарихда Голодомор деб аталувчи 1932-33 йиллардаги оммавий очлик украин халқи геноциди бўлгани тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.
Резолюцияни ҳукмрон коалициядаги уч партия ва христиан демократлар қўллади. Баъзан Кремль позициясини ҳимоя қиладиган Сўллар фракцияси ва “Германия учун альтернатива” бетараф қолди. Ҳеч ким қарши овоз бермади.
Украина президенти Владимир Зеленский немис депутатларига миннатдорчилик билдирди ва “ҳақиқат ҳар доим енгади” деб фикр билдирди.
2019 йилда Бундестаг Глодоморни геноцид деб тан олишдан бош тортган эди. Немис депутатларининг бу борадаги нуқтаи назари ўзгаришига Россиянинг Украинага бостириб кириши сабаб бўлгани айтилмоқда.
Резолюцияда фашистлар Германияси ва СССР ўртасида 1939 йилда имзоланган Молотов – Риббентроп пакти ва ўша пайтдаги тоталитар давлатлар, шунингдек, бугунги Россиянинг “империалистик сиёсати” ҳам қораланган. Германия нацистлар содир этган жиноятлар, жумладан, Холокост ва СССРнинг тинч аҳолисини қатлиом қилгани учун тарихий масъулиятга эга экани яна бир бора қайд этилган.
Аввалроқ Ирландия сенати, Молдова ва Руминия парламентлари Глодоморни украин халқининг геноциди деб тан олган эди. АҚШ Сенати эса 2018 йилдаёқ бу борада қарор қабул қилган.
1932-33 йилларда Украинада коммунистик ҳукумат деҳқонларнинг озиқ-овқат маҳсулотларини мусодара қилгани ортидан оммавий очлик бошланган эди. Бунинг оқибатида камида 5 миллион киши ҳалок бўлган. Кўпчилик тарихчилар очлик Совет ҳукумати томонидан махсус уюштирилган деб ҳисоблайди. Украина парламенти Голодоморни 2006 йилда геноцид деб тан олган. Россия ҳукумати бунга қарши чиқмоқда.