Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқараётган автобензин дохил барча турдаги нефть маҳсулотлари 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб фақат биржа савдолари орқали сотувга чиқарилади. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномада бугунги кунда Ўзбекистонда товарлар ва хизматлар бозорида рақобат муҳитини пайдо қилиш, монополияни босқичма-босқич камайтириш, тақсимлаш тизими унсурларини тугатиш, хўжалик юритувчи барча субъектларнинг моддий-техника ресурслар билан таъминланишида тенг шарт-шароитларни яратиш юзасидан амалий ишлар олиб борилаётгани қайд этилган.
Айни пайтда унда мамлакат аҳолисининг автобензинга бўлган талабини бир маромда қондириш масаласи давлат назоратига олингани урғуланган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ октябрь ойи охиридан АИ-92 бензинини товар-хом ашё биржасига чиқаришни бошлаган. Ўшанда Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқариладиган бензиннинг бир тоннаси 11,5 миллион сўмдан сотилаётгани, бироқ бензин нархини пасайтиришга уринилаётгани айтилган эди.