Россия Ветеринар ва фитосанитар федерал хизмати шу йил 22 июлидан мамлакат ҳудудига Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятидан ҳам помидор ва қалампир олиб киришни вақтинча тақиқлаб қўйди.
Россельхознадзор масъуллари пойтахт вилоятидан келтирилган помидор ва қалампирда тобамовирус (Tomato brown rugose fruit virus) ҳамда Пепино мозаикаси вируси (Pepino mosaic virus) топилганини иддао қилишган.
Мазкур муваққат тақиқ қачонгача давом этиши билдирилган эмас.
Ўтган ҳафта россиялик назоратчилар 15 июлдан эътиборан Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидан помидор ва қалампир олиб киришга вақтинчалик чеклов жорий этилиши ҳақида эълон қилишганди.
Россельхознадзор ўтган йил ноябрида Фарғона вилоятидан, декабрида эса Навоий ва Қашқадарё вилоятларидан Россия Федерацияси ҳудудига помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Бу тақиқлардан бири 3 ой, яна бири 6 ой ўтгач, бекор қилинганди.