Бухоро вилоят суди биносида 6 февраль куни Қорақалпоғистонда ўтган йилнинг июль ойи бошида тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган 39 нафар судланувчи иши юзасидан суд бошланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумот тарқатган.
Мазкур жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Д. Разов раислигида кўриб чиқилаётгани айтилган.
Судланувчилар орасида интернетда одамларни сепаратизмга даъват қилиш, оммавий тартибсизликларга чақириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарши куч ишлатиш, уларга тегишли қурол-аслаҳаларни тортиб олиш ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларда гумонланаётганлар бор.
Судланувчиларнинг барчасига нисбатан “қамоққа олиш” шаклида эҳтиёт чораси қўлланилган.
Нукус воқеалари бўйича Бухородаги илк суд жараёни шу йилнинг 31 январида ўз ниҳоясига етиб, ҳукм ўқилган. 22 кишига оид иш кўрилган ўша судда асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.
Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринаётгани йўқ.
Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.