Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Пойкент манзилгоҳидан милоддан аввалги I ва милодий I асрларга оид қурол-аслаҳа ҳамда бошқа осори атиқалар топилди.
“Халқ сўзи” газетаси хабарига кўра, нодир ашёлар саклар ва массагетлар даврида ибодатхона вазифасини ўтаган ҳудудда олиб борилган археологик қазишмалар пайтида аниқланган.
Топилмалар орасида турли ўлчамдаги ханжарлар, ниқоб бўлаклари, камон ва найза учлари, аскарлар зирҳлари, қўл жангида ишлатиладиган металл узуклар бор.
Бухоро давлат музей-қўриқхонаси реставратори Дилмурод Холовга кўра, бу Марказий Осиёда топилган энг қадимий металл қуроллар коллекциясидир.
Олимлар қазишма жараёнида оловни ташишда ишлатилган қўнғироқ ҳамда вазифаси ҳали аниқланмаган айлана шаклдаги қурилмани ҳам топишган.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти археологлари ва Россия Давлат эрмитажининг Бухоро экспедицияси Пойкент харобаларида 43 йилдан буён тадқиқот олиб боради.
Айни пайтда топилмаларни консервациялаш, таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини қайд этган “Халқ сўзи” нашри савобталаб тадбиркорларни реставраторларга ҳомийлик кўрсатишга даъват қилган.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистон жануби-шарқидаги тоғларда ўрта асрларга оид Тугунбулоқ ва Тошбулоқ шаҳарлари қолдиғи топилгани ҳақида хабар қилган эди.