Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 май куни “Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини имзолади. Қарор матни ЎзА сайтида ёйинланган.
Қарорда янги музей Бухоро шаҳридаги “Ҳовли Поён” мажмуасида ташкил этилиши айтилган.
Ҳужжат билан “Жадидлар мероси” музейи фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланган:
- жадидлик ҳаракатига оид мамлакатимиз ва хориждаги турли манбалар ва тарихий ҳужжатларни аниқлаш, тўплаш, сақлаш, ўрганиш, тиклаш, нусхалаш, эълон қилиш, улар асосида Музей фондини бойитиб бориш ва экспозицияларни яратиш, шунингдек, маданий-маърифий ва илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш;
- маърифатпарвар жадидларнинг Ватанимиз ва жаҳон тарихидаги муҳим ўрни ва аҳамиятини, миллий истиқлолимизнинг маънавий асосларини яратишдаги ҳиссаси ва фидойиликларини ҳаққоний ёритиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш;
- музей экспозицияларини яратишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш.
Қарорга мувофиқ, музей биносини мукаммал таъмирлаш, жиҳозлаш ва ҳудудини ободонлаштириш, Музей экспозициясини яратиш билан боғлиқ харажатлар қарор иловасига мувофиқ ажратиладиган манбалар ҳисобидан, музейни сақлаш харажатлари – Бухоро вилояти маҳаллий бюджети маблағлари, Музейнинг ўз даромадлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши, музейга штат бирликларини ажратиш ҳамда ходимларга иш ҳақи тўлаш эса Маданий мерос агентлиги тизимидаги музейлар учун белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилиши кўзда тутилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 31 май куни Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига сафар қилган. Бухорога ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошлаган президент вилоятда амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирган, маҳаллий фаоллар билан учрашган ва янги халқаро аэропорт дохил йирик объектлар қурилишига старт берган.