Бухорода 16 ёшли ўсмир йигит ва 17 ёшли қизнинг никоҳланиши билан боғлиқ ҳолат Болалар омбудсмани томонидан алоҳида кузатувга олинган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Аввалроқ Kun.uz нашри Бухоро вилоятида вояга етмаганлар ёшларнинг тўйи бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилган эди.
Ҳолат ўрганилиши ортидан “29 июнь куни Бухоро шаҳрида оилаларнинг ўзаро келишуви асосида 2008 йилда Шофиркон туманида туғилган А.А. (ўғил бола) ва 2007 йилда Қоракўл туманида туғилган Р.Н.нинг (қиз бола) никоҳ тўйи бўлиб ўтган”и аниқланган ва бу борада терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Болалар омбудсмани 2 июль куни вояга етмаганларнинг ота-оналари Н.С. ва Н.Қ.ни Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47−3 моддаси (Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш) билан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ҳужжатлар судга юборилганини қайд этган.
Хабарномада, Оила кодексининг 15-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланганини эслатилган.
“Бу қонуний талабнинг бузилиши боланинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш ҳамда жисмоний, ақлий ва маънавий уйғун равишда камол топиш ҳуқуқларига мутлақо зиддир”, дея қўшимча қилган Болалар омбудсмани.