Бухоро шаҳрида яшовчи 28 ёшли Ш.Р. 3 яшар ўғлини калтаклаб, унга тан жароҳати етказган, бунинг оқибатида бола вафот этган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, жорий йилнинг 4 октябрь куни мазкур ҳолат юзасидан аёлга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва у қамоққа олинган.
Ҳодисани ўрганган Xabar.uz нашрига кўра, аёл фарзандини тунги соат 01:00 ларда калтаклаган. Норасида бола талоқ ёрилиши оқибатида икки соатча қийналган ва соат 03:00 ларда жон берган.
Аёл Бухоро шаҳри Гулшан маҳалласида ижарада яшаб келган, турмуш ўртоғи эса Россия Федерацияда ишлайди.
Маълум бўлишича, қотилликда гумонланиб қамоққа олинган аёл олдин ҳам 5 яшар фарзандини калтаклаб ўлдирган. Ушбу жиноят ишини кўриб чиққан суд аёлнинг қилмишидан пушаймонлиги ва қарамоғида 1 ёшли фарзанди бўлгани важидан унга енгилроқ жазо тайинлаган. Аёл аввалги жинояти учун берилган жазо муддати тугамасдан туриб иккинчисига қўл ургани айтилмоқда.
Жорий йилнинг 9 июль куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 30 ёшли эркак қонуний никоҳсиз яшаб келган хотини билан жанжаллашув ортидан аёлнинг биринчи турмушидан бўлган 3 яшар ўғлини чавақлаб ўлдирганди.
2022 йил 24 декабрь куни эса Самарқанд вилояти Оқдарё туманида яшовчи эркак хотини ва 5 ойлик боласини ўлдириб, сўнг ўзини осган эди.