Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеолардан маълум бўлишича, 19 декабрь куни Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг айрим туманларида чанг бўрони юз берди.
Видеолардан бирида чанг бўрони оқибатида Самарқанд шаҳри марказига ўрнатилган Янги йил арчаси букилиб қолганини кўриш мумкин.
Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси икки вилоятда кучли шамол ва чанг бўрони бўлаётганини тасдиқлади. Бошқарманинг билдиришича, айни пайтда Самарқандда чанг бўрони тўхтаган, Қашқадарё вилоятида эса давом этмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Қашқадарёдаги ҳайдовчиларни йўлларда эҳтиёткор бўлиш тўғрисида огоҳлантирди.
Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида шиддатли чанг бўрони кузатилган, ўша оқшом Тошкент шаҳрида соат 21:00 ва 23:00 орасида чанг миқдори меъёрдан 30 баробаргача ошгани ва пойтахт жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рейтингида 1-ўринга чиққани хабар қилинган эди.