Ўзбекистоннинг ён қўшниси бўлган Қозоғистон, АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази маълумотига кўра, дунёда қизамиққа чалинганлар сони кўплиги бўйича биринчи учликка кирган.
Ноябрь ойидаги маълумотларга мувофиқ, Яманда қизамиққа чалиниш бўйича 23 мингдан зиёд, Ҳиндистонда қарийб 15 минг, Қозоғистонда эса қарийб 13 минг ҳолат қайд этилган.
CDC хабарномасида, шунингдек, Эфиопияда 11 мингдан зиёд, Покистонда 8 мингдан кўпроқ, Конго Демократик Республикасида қарийб 6 минг, Россияда эса 4300 дан зиёд касалликка чалиниш ҳолати аниқлангани айтилган.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган ҳафтада мамлакатда қизамиққа чалинганлар сони 20 мингдан ошгани ҳақида маълумот тарқатган. Бу ҳолат аҳоли орасида эмлашдан бош тортиш ҳолатлари кўпайгани билан изоҳланган.
Ўзбекистон CDCнинг қизамиққа чалиниш бўйича рўйхатида илк ўнликка ҳам кирмаган, бироқ бу мамлакатда касалликни олдини олиш ҳолат кўнгилдагидек эканини англатмайди.
Ўтган ой охирида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси биргина Наманганда уч ёшгача бўлган 255 нафар бола қизамиқдан даволанаётгани, йил бошидан буён эса вилоятда бу касалликка чалиниш билан боғлиқ 735 та ҳолат қайд этилган ҳақида маълумот тарқатган эди.
ЖССТ маълумотига кўра, дунё бўйлаб ҳар йили 110 минг киши қизамиқдан вафот этади.