Олий Мажлис Сенатининг 30 сентябрь кунги ялпи мажлисида темир йўл чипталари қимматлаб кетгани ҳолда хизмат сифати яхшиланмагани танқид қилинди.
“Темирйўл транспорти тўғрисида”ги қонун муҳокамасида сўз олган сенатор ва олим Абдураҳим Эркаев чипта нархи холислик, ҳалоллик мезонлари асосида белгиланганини савол остига олган.
“Аҳоли ижтимоий тармоқларда чипта нархлари хизмат кўрсатиш сифатига мос келмайди деган фикрларни билдирмоқда. Демак, аҳоли кўрсатилаётган хизматдан норози. Иккинчидан, савол туғилади, чипта нархларини белгилашда хизматлар нархи ошкора шаффоф калькуляция қилинганми, аҳоли бундан хабардорми?” дея транспорт мулозимларини саволга тутган Эркаев.
Сенат аъзоси шу пайтгача поезд чиптаси баҳоси самолётникидан қиммат бўлмаганини урғулаб, монопол мавқедаги “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ асосланмаган нархлар белгилаётганидан баҳс этган.
“Ўзбекистон темир йўллари” жорий йил 20 январдан ички қатновдаги “Афросиёб”, “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” поездларининг чипта нархини 20 фоизга оширди.
Аввалроқ “Ўзбекистон темир йўллари”да ишловчи манба Озодликка “бурнигача қарзга ботган” компаниядаги муаммоларнинг асосий сабаби тизимда авж олган коррупция эканини айтганди.
Мамлакат темир йўлларида хизмат сифати пастлиги ва нарх қимматлигини ҳам маҳаллий блогерлар, ҳам хорижлик инфлюэнсерлар танқид қилиб келади.