19 декабрь куни Самарқанд ва Қашқадарёнинг айрим туманларида кучли чанг бўрони юз берди.
Ўзгидромет 21 декабрь куни Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам чанг бўрони кузатилишидан огоҳлантирди.
Жорий йилнинг 4 ноябрида Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида шиддатли чанг бўрони кузатилган, ўша оқшом Тошкент шаҳрида чанг миқдори меъёрдан 30 баробаргача ошганди.
Ўзбек ҳукумати “зарарсиз” деган қум бўронини NASA “мисли кўрилмаган” деб баҳолади.
Мутахассислар изоҳича, чанг бўронларига жорий йилда кузатилган қурғоқчилик ва мамлакатда чўлланишнинг ошиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Шунингдек, дарахтларнинг камайиши ва қурилишларнинг кўпайиши ҳам чанг бўронларини келтириб чиқараётган омиллардан саналмоқда.
Яна чанг бўрони
19 декабрь куни Самарқанд ва Қашқадарё вилоятида кузатилган чанг бўрони оқибатида йўлларда машиналар ҳаракатланишида муаммолар кузатилган.
Мавзуга алоқадор Самарқанд ва Қашқадарёда чанг бўрони кузатилди (ВИДЕО)“Мен эрталаб соат 8 яримларда уйдан машинада чиқиб кетиб, узоқ юрмасдан қайтиб келдим. Чунки чанг бўрони жуда кучли бўлди. Худди ярим кечасидай ҳаммаёқ қоп-қоронғу бўлиб қолди. Машина олдида 1 метр узоқликда кетаётган машинани ҳам кўриб бўлмасди. Аварияга учрашдан қўрқиб, уйга қайтишга мажбур бўлдим. Обеддан кейин чанг бўрони пасайгач, чиқдим яна кўчага”, - деди Чироқчи туманида яшовчи Ўктам Озодлик билан суҳбатда 20 декабрь куни.
Тармоқларга жойланган видеолардан бирида ҳам Қашқадарёдаги чанг бўрони акс этган.
Видеода Чироқчи-Қамаши ўртасидаги йўлда автомобиллар ҳаракатланишга қийналаётгани кўринади.
Қашқадарё ва Самарқанд вилоят ҳокимлигининг 20 декабрь куни Озодлик боғланган мулозимлари чанг бўронида жиддий талафотлар бўлмаганини таъкидлашди.
Ўзгидромет: 21 декабрда ҳам чанг бўрони бўлади
Ўзбекистон гидрометеорология хизмати маркази - Ўзгидромет 21 декабрда ҳам мамлакатнинг айрим вилоятларида чанг бўрони кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ўзгидромет раҳбари Ш. Ҳабибуллаев имзоси билан тарқатилган “Шошилинч ахборот”да чангли бўронлар Туркманистон ҳудуди орқали кириб келиши таъкидланган.
“21 декабрда Ўзбекистон ҳудудларида кутилаётган кучли шамоллар ҳамда Туркманистон Республикаси чегара ҳудудларидан чангли бўронлар кириб келиши кутилаётганилиги туфайли Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ва республиканинг чўл ҳудудларида чанг бўрон ва ғуборлар кузатилиши мумкин”, дейилади Ўзгидромет хабарида.
Расмий хабарга кўра, шу куни шамол тезлиги Қорақалпоғистон, Хоразм, Тошкент, Сирдарё, Сурхондарё вилоятларида 17-22 метр/секундгача, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида эса 17-22 метр/секундгача, баъзи жойларда 25-28 метр/секундгача кучайиши мумкин.
Мавзуга алоқадор Тошкент ҳавосининг ифлосланиши рекорд даражага чиққан
Ўзгидрометга кўра, жорий йилнинг 4 ноябрида Тошкентда бўлган чанг бўрони сўнгги 150 йилда илк бор кузатилди. Бўрон оқибатида Тошкент шаҳрида ҳавонинг қаттиқ зарралар билан ифлосланиш даражаси бир куб метрга 18 минг микрограммни ташкил қилган. Бу эса белгиланган хавфсиз меъёрдан 30 баробарга кўпдир. Шу куни пойтахт ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди.
9 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар Академияси Биоорганик кимё институти олимлари чанг таркибини ўрганиб чиққани ва қум бўронидан сўнг Тошкентга чўккан чанг таркибида оғир металлар, тузлар, инсон саломатлиги учун хавфли пестицидлар мавжуд эмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.
Бироқ АҚШ Коинот агентлиги – NASA Тошкентда юз берган қум ва чанг бўронини «мисли кўрилмаган» дея баҳолади.
Мавзуга алоқадор Ўзбек ҳукумати “зарарсиз” деган қум бўронини NASA “мисли кўрилмаган” деб баҳоладиЧанг бўрони сабаблари
Чангли бўрон – бу атмосфера ҳодисаси бўлиб, ер юзидан катта миқдордаги қум ва чангларни кучли шамол таъсирида ҳавога кўтарилишидир.
Ўзбекистон, шунингдек, Марказий Осиёнинг барча ҳудудлари учун чангли бўрон тез-тез учрайдиган ҳодиса бўлиб, кўпинча қурғоқчил ҳудудларда — чўл ва ярим чўл ҳудудларда чангли бўронлар содир бўлади.
Бироқ жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон бўйлаб кузатилган чангли бўрон Тошкентда ҳам кузатилди.
Ўша пайтда Ўзгидромет Тошкентда кузатилган қум бўронининг сабабини қурилишларга боғлаганди.
“Тошкент қурғоқчил ҳудуд деб ҳисобланмайди, лекин сўнгги йилларда Ўзбекистонда ва Тошкент шаҳрида жадал суръатлар билан олиб борилаётган қурилишлар жуда катта миқдордаги қум ва чангнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда, улар ҳатто кучсиз шамол эсганда ҳам ҳавога кўтарилади”, дейилган Ўзгидромет хабарида.
Тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган ушбу хабар кейинчалик Ўзгидромет сайтидан ўчириб ташланди.
Мавзуга алоқадор “Янги Ўзбекистон” чанги - фаоллар Тошкентдаги чанг бўронда Ортиқхўжаевни айбламоқда20 декабрь куни Озодлик боғланган Экология қўмитасининг масъули чанг бўронларига мамлакатда дарахтлар камайиб кетганини ҳам сабаб қилиб келтирди:
“Кейинги 10 йил давомида дарахтларга қирон келтирилди. Ҳозирда Ўзбекистондаги дарахтлар атиги 8 фоизни ташкил қилади. Талабга кўра, бу рақам 30 фоиз бўлиши керак. Фарқнинг катталигига эътибор қиляпсизми? Ердан кўтарилган қум ва чанглар дарахтларга ўрнашиб, ёмғир натижасида ерга қайта тушарди. Дарахтлар кам бўлгани сабаб шу каби чанг бўронлари содир бўляпти. Дарахтларни камроқ чопинг, шунда турли офатлар камаяди”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган Экология қўмитаси масъули.
Сейсмология институти масъулларидан бири чанг бўронларига мамлакатда чўлланиш кучайгани ҳам сабаб бўлаётганини таъкидлади:
“Ўзбекистонда чўлланиш ўтган асрнинг 60-йилларидан бошланган бўлиб, кейинги йилларда чўлланиш кучайган. Ҳозирда мамлакатимизнинг 70 фоиз ҳудуди чўлланган ҳисобланади. Оролнинг қуриши билан боғлиқ ҳолат ҳам чўлланишнинг кучайишига сабаб бўлган. Орол ўрнидаги туз ва чанглар 400 километр радиусгача етиб борган. Қизилқум, Мирзачўл, Қарначўл, Далварзин, Шеробод ва Қорақалпоқ чўллари йил сайин кенгайиб боряпти. Биласизми, ҳар минутда Ўзбекистоннинг 9 квадрат метр ҳудуди чўлланиб боряпти. Бу жуда катта рақам. Ҳозир олимларимиз чўлланишга қарши кураш устида бош қотиряпти. Чунки чўлланишни камайтирмасак, чанг бўронлари ҳолва бўлиб қолади. Бунданда жиддий офатларга дуч келишимиз мумкин келажакда, тайёр туринг”, деди Сейсмология институтининг Озодлик боғланган масъули аноним қолиш шарти билан.
Озодлик суҳбатлашган мутахасисларга кўра, мамлакатда жорий йилда кузатилган қурғоқчилик ҳам чангли бўронларнинг кўпайишига сабаб бўлган омиллардан биридир.
Мавзуга алоқадор Ўзбекистон иқлим ўзгариши билан боғлиқ "жиддий муаммоларга дуч келмоқда"
“Сув танқислиги оқибатида унумдор ерлар ҳам чўлга айланиб боряпти. Айниқса, жорий йилда Марказий Осиёдаги барча мамлакатда бирдек қурғоқчилик бўлди. Мана эртага чанг бўрони Туркманистон орқали кириб келяпти. Боиси уларда ҳам қурғоқчилик сабаб унумдор ерлардаги тупроқ таркиби қуриб, чангга айланиб ҳавога кўтарилмоқда”, деди Экоқўмита масъули.
Ўлимга сабаб бўлувчи сариқ чанг
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, чанг ўзи билан ўлимга сабаб бўлувчи касалликларни олиб келади.
Чанг бактерия ва вирусларни олиб юриши мумкин. Шунингдек, турли хил нафас олиш ва қон айланиш касалликларини келтириб чиқаради.
2017 йилда Ҳиндистон ва Хитойда ҳавонинг ифлосланиши 2, 4 миллион киши ҳаётини олиб кетган.
Мутахасисларга кўра, чангда саноат ифлослантирувчи моддалар даражаси ҳам кўп бўлади. Сариқ чанг, шунингдек, вируслар, замбуруғлар, бактериялар ва ҳатто оғир металларни олиб юради, улар инсон саломатлиги учун ўта таҳликали.
Ўтмишда асбест чанги таъсиридан ўлим холлари кўп бўлган. Шу сабаб асбестдан тайёрланган конструкцияларни қурилишларда ишлатиш аксар давлатларда тақиқланган. Ўзбекистонда эса, асбестдан тайёрланган материаллар ва шиферлар соғлиқ учун зарарли бўлишига қарамасдан, қурилишларда ҳамон кенг ишлатиб келинади.
Тошкент шаҳрида 4 ноябрь оқшомида кузатилган чанг-қумли бўрон ортидан “Тез ёрдам”га нафас қисиши туфайли 678 нафар одам мурожаат қилган.
Мавзуга алоқадор Чангда қолган пойтахт: “Тез ёрдам”га нафас қисиши туфайли 678 нафар одам мурожаат қилдиТиббиёт ходимлари аллергия ва нафас олиш билан боғлиқ касалликлари бор шахсларга чангли бўрон пайти уйдан чиқмасликни, деразаларни ёпишни ва биноларни намлантиришни маслаҳат беришади.