Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида 4 ноябрь оқшомида кузатилган чанг-қумли бўрон ортидан Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази ва 1-шаҳар касалхонасига нафас олишда муаммоларга дуч келган бир неча киши мурожаат қилган.
Газета.uz нашри мазкур тиббиёт муассасаларидан олинган маълумот асосида шифокорларга камида уч нафар нафаси бўғилишидан шикоят қилгани ҳақида хабар берди.
Қайд этилишича, тиббиёт ходимлари аллергия ва нафас олишда муаммоларга дучор бўлганларга уйдан чиқмасликни, деразаларни ёпишни ва биноларни намлантиришни маслаҳат беришган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати 5 ноябрдаги хабарномасида пайшанба куни “Тез ёрдам”га 4082 та мурожаат бўлганини билдирган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибоевга кўра, булардан 678 таси бевосита нафас сиқиши билан боғлиқ мурожаатлардир.
Сирдарё вилоятида пайшанба куни бошланган кучли қум бўрони кечга бориб пойтахт Тошкентга ҳам етиб келгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Ўзгидромет маълумотига кўра, кеча шамол тезлиги Бухоро, Навоий, Жиззах вилоятларининг айрим жойларида 20-25 м/с гача кучайиши кузатилган.
“Шамол кучайишининг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилди ва республиканинг бир қатор туманларида кўринувчанлик 500-1000 м гача пасайиб, чанг-қумли ғубор ҳолатини келтириб чиқарди. Атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган миқдорлардан 5 баробарга ошди”, дейилган ўзбекистонлик синоптиклар хабарномасида.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида ўрнатилган жиҳоз 4 ноябрь оқшомида пойтахтдаги ҳавонинг ифлосланиш даражаси “ўта носоғлом” бўлганини кўрсатган.
Аввалроқ Гидрометеорология хизмати маркази тезлиги секундига 5-10 метрни ташкил қилган шамол тунги соат 24:00 гача давом этишини тахмин қилганди, бироқ Ўзгидрометнинг 5 ноябрга берган прогнозида шамол тезлиги Тошкент шаҳрида 5-10 м/с даражасида сақланиб қолиши, республиканинг бошқа жойларида эса секундига 7-12 метр тезликда эсиши қайд этилган.