Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини делимитациялаш ва демаркациялаш бўйича янги шартнома устида ишлаш юзасидан протокол 26 сентябрда Бишкекда имзоланди.
Протоколни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон министрлар кабинети раисининг ўринбосари, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев имзолади.
Икки давлат раҳбарлари чегара масалаларини муҳокама қилишни жорий йил охиригача якунлаш ниятини билдирган эди.
Шу кунгача 1378 километрли чегаранинг 98 фоизи аниқлаб бўлинган. Чегаранинг 2 фоиз қисми баҳсли бўлиб қолаётган эди.
Қирғизистонга иш сафари билан келган Абдулла Ариповни президент Садир Жапаров қабул қилди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Томонлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка бўлажак давлат ташрифини ҳам муҳокама қилдилар.
Ҳозирча Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи қачон амалга оширилиши тўғрисида маълумот йўқ.
Қирғизистон президенти С. Жапаров ўтган йилнинг март ойида Тошкентга сафар қилган эди. Ўшанда Ўзбекистон билан Қирғизистон ҳамкорлигига оид 22 та ҳужжат имзоланган.