“Чегара билмас мухбирлар” раҳбари Кристоф Делуар оламдан ўтди

Кристоф Делуар

Парижда “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти раҳбари Кристоф Делуар 53 ёшида вафот этди. У ташкилотга 12 йил раҳбарлик қилган.

RSF сайтида қайд этилишича, унинг ўлимига саратон касаллиги сабаб бўлган.

“Кристоф Делуар информацион хаос шароитида барча қитъаларда журналистика эркинлиги, мустақиллиги ва плюрализмининг толмас ҳимоячиси эди. Журналистика унинг ҳаётий маслаги эди ва у собит ишонч билан курашди”, дейилган некрологда.

Делуар ўз фаолиятини Le Point ҳафталигида сиёсий журналист ва суриштирувчи ўлароқ бошлаган, “Фламмарион” нашриётида муҳаррир ва Журналистларни тайёрлаш марказида директор бўлиб ишлаган.

2012 йилда Делуар журналистларнинг цензурага қарши ва матбуот эркинлиги учун курашиш билан шуғулланувчи халқаро уюшмаси бўлмиш “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига раҳбар бўлган. Унинг раҳбарлиги остида “Чегара билмас мухбирлар”нинг Лондондаги, Рио-де-Жанейродаги, Тайбэйдаги ва Дакардаги бўлимлари очилган.

Ҳозирда ташкилотнинг дунё бўйлаб 13 та офиси фаолият олиб боради, шунингдек, унинг 130 та мамлакатда вакиллари ва мухбирлари бор. Делуар даврида рақамли маконда демократия кафолатлари масалалари билан шуғулланувчи Ахборот ва демократия бўйича комиссия тузилган.

Сўнгги ойларда Делуар “Толибон” томонидан гаровда тутиб турилган асли афғонистонлик, айни пайтда Франция фуқароси бўлган Муртазо Беҳбудийни озод қилинишига катта ҳисса қўшган. У Биринчи канал ёйинида урушга қарши плакат билан кўриниш бергани учун қамалиши мумкин бўлган муҳаррир Марина Овсянникованинг Россиядан олиб чиқиб кетилишига кўмаклашган. У Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанжни қамоқхонада бир неча бор зиёрат қилган.

Делуар ўз журналистик суриштирувлари натижасида чоп этилган бир неча китоб муаллифи ҳамдир.