Фарғона вилояти Риштон туманидан Қирғизистонга ноқонуний юк олиб ўтувчи ер ости йўли қазишда айбланган 6 кишидан уч нафари 6 йилдан 7 йилгача бўлган муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Қолган уч айбланувчига эса озодликни чеклаш жазоси қўлланилди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан маҳаллий матбуотга сиздирилган видеолавҳда маълум қилинди.
Видео 2022 йилнинг 23 июлида олинган тезкор тасвирлардан иборат экани қайд этилган. Озодлик радиоси Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати 2022 йилнинг 23 июнь куни Риштондан Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани ҳудудига олиб ўтувчи эни 1-1,5 метр, баландлиги 2 метр, узунлиги тахминан 130 метр бўлган ер ости йўлини аниқлагани тўғрисида хабар берган эди.
Ўшанда ер ости йўли топилган уй эгаси Т. М.,дан ҳужжатлари бўлмаган, тахминий қиймати 15 млрд сўмлик 2707 дона мобил телефон мусодара қилингани айтилганди.
2022 йилнинг баҳор ва ёзида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида мана шу каби тўртта ер ости йўли топилганди.
Ер ости йўлларини қазиб, ноқонуний товар олиб ўтказиш билан шуғулланганлардан бир гуруҳи 2022 йилнинг июнида судлангани тўғрисида Ўзбекистондаги бир қатор интернет сайтлар ёзган эди.
Расман билдирилишича, мазкур гуруҳнинг саккиз аъзосидан олти нафари Қирғизистон фуқароси бўлган. Улар 1 миллион доллардан ортиқ нақд пулни Ўзбекистондан Қирғизистонга олиб келаётганда қўлга олиниб, 6 йилдан 8 йилгача қамалган.
Бироқ Қирғизистон расмий идоралари Ўзбекистонда судланган фуқаролари тўғрисида маълумот бермади.