Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарасидаги “Сариосиё” назорат-ўтказиш пунктида юзлаб юк машиналари тўпланиб қолди.
Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизматига 20 сентябрь куни мазкур назорат пунктидан ўтишга муваффақ бўла олган ҳайдовчилар хабар берган. Ҳайдовчиларга кўра, Сурхондарё вилояти ҳудудидаги бу чегара маскани олдида тўпланиб қолган юк машиналаридан иборат навбат беш километрга етган.
“Сариосиё” орқали Тожикистоннинг Турсунзода туманидаги “Дўсти” назорат-ўтказиш пунктига ўтилади.
19 сентябрь куни навбатда турган айрим юк автомашиналари ҳайдовчилари ва тадбиркорлар Озоди радиосига чегара назорат ўтказиш пунктидан олинган фотосуратларни ва видеотасвирларни жўнатган эди. Улар Тожикистонга кириш учун бир ҳафтадан бери навбат кутиб турганларини айтганлар.
Юк машиналари ҳайдовчилари Россия ва Қозоғистондан Тожикистонга озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материалларини олиб кетаётганларини билдирганлар.
Ҳайдовчиларининг сўзларига кўра, чегарада юзага келган навбат оқибатида катта зарар кўрилмоқда, озиқ-овқат маҳсулотлари яроқсиз аҳволга келиб қоляпти.
Тожикистон Божхона хизмати икки давлат чегарасида юк машиналарининг тўпланиб қолиши вақти-вақти билан бўлиб турадиган ҳолат эканини билдирган. Божхоначиларга кўра, бугунги кунда юзага келган навбат назорат-кўрик тадбирлари кучайтирилгани билан боғлиқ.
Тожик божхоначилари ҳукуматнинг 2 октябрдан бошлаб мамлакатга 2013 йилдан олдин ишлаб чиқарилган автомобилларни олиб киришни тақиқлаш тўғрисидаги қарори ортидан Тожикистонга Ўзбекистон орқали бошқа давлатлардан автомобил олиб кириш кўпайганини ҳам таъкидладилар.
Тожикистоннинг Турсунзода туманидаги “Дўсти” назорат-ўтказиш пункти бошлиғи Ахмаджон Бобоев Озоди радиосига берган интервьюсида божхонадан кунига юзга яқин автомашина ўтаётганини билдирди.
“Енгил ва юк машиналарини текшириш ва ҳужжатлаштириш кўп вақтни олмоқда. Ўйлайманки, 2013 йилдан олдин ишлаб чиқарилган автомашиналарни мамлакатга олиб киришга қўйилган тақиқ кучга кирмагунича, яъни кейинги икки ҳафта ичида ҳам вазият яхши томонга ўзгармайди”, - деди Ахмаджон Бобоев.
Тожикистон ҳукуматининг 2013 йилдан олдин ишлаб чиқарилган автомашиналарни мамлакатга олиб киришни тақиқлаш тўғрисидаги қарори 2 октябрдан кучга киради. Бу тақиқ йўловчи ва юк ташувчи, енгил ва махсус автомобилларга тааллуқлидир.
Чегарада навбат кутаётган айрим ҳайдовчилар автомобилларнинг диққат билан кучайтирилган тарзда текшириш Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида йирик миқдордаги наркотик моддалар ушлангани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.
7 сентябрь куни”Сариосиё” чегара пунктида Тожикистондан Ўзбекистонга автомашинада деярли 70 кило миқдорида наркотик модда олиб ўтаётган шахслар қўлга тушган эди. Сурхондарё вилоят Божхона бошқармаси ўша куни наркотик ҳужжатлар бўйича “юки йўқ” деб расмийлаштирилган Volvo юк автомашинасидан топилганини хабар қилган.
Бу воқеадан икки ҳафта аввал ўзбекистонлик божхоначилар ва чегарачилар Тожикистон билан чегарадаги “Ойбек” назорат-ўтказиш пунктида 55 кило наркотик модда олиб ўтаётган автомашина ушланганини билдирган эди.
Наркотик автомашинанинг бензин бакидан ва газ баллонидан топилган. Марказий божхона лабораторияси экспертлари бу модданинг 52,8 килоси наша, 2 килодан ортиғи героин ва 950 грамми синтетик наркотик эканини аниқлаган.
Тожикистон ҳукумати бу хабарларга муносабат билдирган эмас. Бу воқеалар ортидан ижтимоий тармоқларда “Нега наркотиклар тожик чегарачилари ва божхоначилари томонидан аниқланган эмас?” деган савол атрофида баҳслар қизиган эди.