Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги иккита чегара пункти 1 сентябрь куни қайта очилди. Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг билдиришича, 1 сентябрь куни эрталаб Ўзбекистоннинг Марҳамат ҳамда Қирғизистоннинг Аравон туманлари ўртасидаги Мингтепа-Қорабағиш чегара ўтказиш пункти тантанали очилган.
Davletovuz телеграм канали эса Ўзбекистоннинг Хонобод шаҳридан Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига ўтилувчи Хонобод-Бекобод чегара ўтказиш пункти фаолияти ҳам қайта тиклангани ҳақида ёзди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 15 та чегара назорат-ўтказиш пункти бор. Уларнинг аксари 2005 йилда Ўзбекистон томонидан бир томонлама равишда ёпиб қўйилган эди.
2016 йилдан расмий Бишкек ва Тошкент алоқалари яхшилана бошлангач, чегаралар очилди. Бугунги кунгача икки давлат ўртасидаги 9 та чегара бекати ишламоқда.
Май ойида Қирғизистон Чегара хизмати Жалолободдаги "Бекобод", Ўшдаги "Қарабағиш", "Қорасув" чегара назорати бекатларини очишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги 1314 километрли чегара чизиғи тўлиқ аниқлаб бўлинган. 2022 йил ноябрида Тошкент ва Бишкек чегара бўйича 30 йилдан буён давом этиб келаётган баҳсларга нуқта қўйилганини билдиришган.
Аввалроқ 1 сентябрдан икки давлат чегарасини фуқаролар хориж паспорти билан эмас, ички ID карта билан кесиб ўтишига рухсат берилгани хабар қилинган.