Қирғизистон парламентининг 3 февралда ўтган йиғилишида депутат Бақит Тўрабоев қирғиз-ўзбек чегарасида ёпиқ турган барча назорат ўтказиш пунктларини очишни таклиф қилди.
“Қўшни Ўзбекистон билан Қирғизистон жуда яхши алоқада бўлмоқда. Икки халқ ўзаро муносабатларини янада яхшилаши учун уларга шароит яратиб берилиши лозим. Сузоқ туманида Бекобод деган чегара бор. Ўша чегарани Ўзбекистон очишга тайёр. Ахсидаги Нанай чегарасини ҳам Ўзбекистон очишга тайёр эканини билдирди. Бу чегараларнинг очилишига биз томондан тўсқинлик бўлмоқда. 2020 йилда Қирғизистонга 2 миллион 200 минг одам келган. Уларнинг 68 фоизи Ўзбекистон фуқаролари. Ҳали очилмаган чегаралар очилса, туризим ривожланади. Чунки Фарғона водийсида 11 миллион аҳоли яшайди",-деди Тўрабоев.
Қирғизистон ҳукумати ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизмати депутатнинг бу талабига ҳозирча муносабат билдирмади.
Икки давлат ўртасида камида 15 та чегара назорат ўтказиш пункти мавжуд. Уларнинг асосий қисми 2005 йилда Ўзбекистон томонидан бир томонлама равишда ёпиб қўйилган эди.
Расмий Тошкент ва Бишкек алоқалари президент Ислом Каримов ўлимидан сўнг 2016 йилда илиқлаша бошлаган. Шундан сўнг чегараларнинг бир қисми аҳоли борди-келдиси учун очилган.