Қозоғистоннинг Электрон ҳукумат лойиҳаси доирасидаги legalacts.egov.kz порталида ўзбекистонликларнинг Қозоғистонда рўйхатдан ўтмасдан вақтинчалик бўлиши муддатини ўзгартириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси 28 ноябрда халқ муҳокамасига қўйилди.
12 декабргача муҳокама қилиниши назарда тутилган мазкур қарорда Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда 30 кун давомида вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан бўлишига рухсат берилиши назарда тутилади. Айни пайтда Ўзбекистондан ҳам Қозоғистон фуқароларига шундай ҳуқуқ берилиши талаб этилади.
“Миллий паспорти бўлган икки давлат фуқаролари бошқа давлат ҳудудига 30 кунгача вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан бориши ва унинг ҳудудида бўлиши мумкин. Фуқаролар ўзларининг келгани ҳақида тегишли органларни хабардор қилиши лозим. Бўлиш муддатини 30 кундан ортиқ, аммо 6 ойдан ошмайдиган даврга узайтириш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади", — дейилади ҳужжат лойиҳасида.
Ҳозирда амал қилинаётган тартибга асосан ўзбекистонликлар Қозоғистонда вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан 5 кун бўлиши мумкин.