Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари стратегик ҳамкорлик ва чегара масаласини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, мулоқот чоғида президентлар икки томонлама муносабатлар, анъанавий дўстлик, яқин қўшничилик ва стратегик ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожлангани, жумладан, Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айрибошлаш кўлами ошганини таъкидлашган. Шунингдек, икки давлат раҳбари, чегара масаласи, ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш, транспорт ва энергетика соҳасига бирлашган инфраструктуравий лойиҳаларни рағбатлантириш йўналишидаги келишимларни амалга оширишни муҳокама қилган.

Расмий маълумотда айтилишича, ҳозирда қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Чегара масаласи юзасидан учрашувнинг энг сўнггиси шу йилнинг 17 майида бўлиб ўтди. Ўша куни Қирғизистон Миллий ҳавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва Ўзбекистон Давлат ҳавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов икки давлат чегарасида учрашган.

Қирғизистон Миллий ҳавфсизлик давлат қўмитаси матбуот ҳизмати тарқатган ҳабарда айтилишича, махсус хизмат раислари Жалолобод вилояти Олабуқа туманидаги чегарада баҳсли бўлиб турган Ғовасой участкасини вертолёт билан айланиб чиқди.

Қирғизистон махсус хизмати маълумотида учрашувда айнан қандай қарор қабул қилингани айтилмаган. Ўзбекистон томони ҳам бу борада бирор маълумот бермади.

Бундан бир йил аввал Қамчибек Ташиев Ғовасой участкасида 19 минг гектардан ортиқ ерни Ўзбекистондан Қирғизистонга қайтариб олиш бўйича музокаралар кетаётганини билдирганди.

Чегарадаги баҳсли ҳудуд сифатида эътироф этиладиган Ғовасой участкаси, Қирғизистон иддаосича, Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманидаги Кўктош қишлоғига тегишлидир.

Ўтган йили Ташиев Тошкентда ўтган чегара масалалари бўйича музокарада Жалолобод билан Наманган вилояти чеклашган ердаги Ғовасой участкасидан саккиз минг гектар ер Қирғизистонга ўтганини билдирган.

Шундан сўнг маҳаллий аҳоли бунга норози бўлиб чиққанди. Норозилар билан суҳбатлашган Қамчибек Ташиев чегаранинг бу қисми қай вазиятда Ўзбекистонга ўтиб қолганини ҳам айтган.

“Биз архивдаги ҳужжатларнинг барини кўтардик. 1957 йилда колхоз раиси Қирғизистон раҳбарлари Раззоқов ва Суйўрқуловга ариза ёзган экан. Аризада колхоз бир неча минг гектар ер бекор ётганини ва бу ер учун солиқ тўлай олмаслигини билдирган ва ҳукуматдан бу ерни қолхоз тасарруфидан чиқаришни илтимос қилган. Мана шу ариза юзасидан 19 минг 200 гектар ер Ўзбекистонга ўтиб кетган. Бу ерни ўша вақтда шу ерни бошқарган етакчилар, халқ ўз истаги билан берган экан. Бу 1956-1957 йилларда бўлган воқеа. Ҳеч қандай муддати чекланмаган, 90 йилга ижарага берилди, у-бу деб ёзилмаган. Бу ҳужжатлар бизда ҳам, ўзбекларда ҳам бор. Бироқ бу ерни сақлаб қолувчи бир вазият бор. Колхозда шундай қарор қабул қилинибди, уни туман кенгаши ҳам, вилоят кенгаши ҳам тасдиқлаб берибди. Бироқ уни бизнинг ҳам, ўзбекларнинг ҳам, СССРнинг ҳам Олий кенгаши тасдиқламаган. Биз шу асосида, бизга 19 минг 200 гектар ерни қайтариб беришинглар керак деяпмиз”, - деган эди Қамчибек Ташиев.

Айтиш жоизки, шу йилнинг 5-7-май кунлари Бишкекда қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича ишчи гуруҳлар учрашуви бўлиб ўтган. Учрашувда демаркацияни тартибга солувчи ҳужжат лойиҳаси ўртага қўйилган.

Икки давлат ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километрни тузиб, 2017-йилги келишим ассида унинг 1170 километри ёки 85%, ундан кейин яна 13% аниқланган. Айни пайтда икки давлат ўртасидаги чегаранинг фақат 2 фоизигина аниқланмаган.