Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги "Дўстлик-автойўл" чегараcида чегарадан ўтиш тартибини бузаётганлар сони жорий йилнинг олти ойида ўтган бир йиллик кўрсаткичдан 1,5 баробарга кўпайди. Бу ҳақда "Дўстлик-автойўл" чегара бекати раҳбари майор Нурлан Аттоқуров Озодлик радиосига берган суҳбати чоғида маълум қилди.
Унга кўра, 2022 йил давомида мазкур ҳудудда 49 нафар чегара бузувчи қўлга олинган бўлса, жорий йилнинг олти ойида чегарадан ўтиш тартибини бузган 60 киши ушланди.
Расмийнинг айтишича, ўтган олти ой давомида "Дўстлик" чегара бекатида 52 миллион қирғиз сўми, ёки қарийб 600 000 долларлик ноқонуний олиб ўтилаётган пул ва қимматбаҳо металлар қўлга олинган.
Шу билан бир қаторда июль ойининг ўрталаридан бошлаб "Дўстлик-автойўл" чегараcидан ўтаётганлар сони кўпайди. Нурлан Аттоқуровга кўра, бугунги кунда чегара бекатидан кунига камида 15 минг, кўпи билан 22500 киши, ҳамда 300дан ортиқ транспорт воситаси ўтмоқда.
"Саёҳат мавсуми бошлангани ортидан Ўзбекистонга бораётганлар ва Қирғизистонга келаётганлар сони кўпайди. Чегарадан транзит бўлиб ўтиб, Ўш аэропорти орқали чет элга учаётганлар ёки учиб келганлар ҳам кўп",- деди чегара хизмати раҳбари.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган ярим йил оралиғида "Дўстлик-автойўл" чегарасидан 2 800 000 киши, 68 000 дан ортиқ транспорт воситаси ўтган.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 15 та чегара назорат-ўтказиш пункти бор. Уларнинг аксари 2005 йилда Ўзбекистон томонидан бир томонлама равишда ёпиб қўйилган эди.
2016 йилдан расмий Бишкек ва Тошкент алоқалари яҳшилана бошлангач, чегаралар очилди. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги 9 та чегара бекати ишламоқда. Шунингдек, май ойида Чегара хизмати Жалолободдаги "Бекобод", Ўшдаги "Қарабағиш", "Қорасув" чегара назорати бекатларини очишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган.