Ўзбекистон чегарачилари отган ўқдан икки қирғизистонлик ҳалок бўлди

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида ўзбек чегарачилари отган ўқдан икки нафар қирғизистонлик ҳалок бўлди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизмати ҳодиса 5 апрель куни кечқурун содир бўлганини билдирди.

Ҳалок бўлганлардан бири 37 ёшда, иккинчиси 31 ёшда бўлган. Улар Ўзбекистонда туғилиб ўсган, 2012 йилда эса Қирғизистон фуқаролигини олган. Аммо Ўзбекистон паспортини ҳам топширишмаган.

Расман билдирилишича, Жалолобод вилоятининг Ахси тумани Дейрес қишлоғида бир неча қирғизистонлик отга миниб, Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний юк олиб ўтишга ҳаракат қилган.

Улар қўшни давлат чегарасидан ўтиб, мамлакат ҳудудига 500 метр ичкари кирган. Ўзбекистон чегарачиларни улардан тўхташни ва ортга қайтишни талаб қилган. Бироқ қирғизистонликлар бу талабга бўйсунмаган ва ўзбек чегарачиларига қаршилик кўрсатган.

“Ўзбек чегарачилари ўз ҳаётларини ва саломатликларини ҳимоя қилиш мақсадида қурол қўллашга мажбур бўлган. Бунинг оқибатида икки нафар қирғизистонлик ҳалок бўлди. Қолган чегарабузарлар Қирғизистон ҳудудига қочиб ўтишга улгурди”,- дейилади Қирғизистон Чегара хизмати расмий баёнотида.

Ўзбекистон томони қирғизистонликлар чегарадан умумий суммаси 20 минг долларга тенг бўлган маҳсулотни контрабанда йўли билан олиб ўтишга ҳаракат қилганини билдирди.

Ҳодиса жойида икки давлат чегара хизматлари расмийлари учрашиб, вазиятни муҳокама қилишди. Мазкур воқеа юзасидан ҳар бир тараф ўз мустақил терговини ўтказадиган бўлди.

Жалолобод вилоят давлат маъмурияти ҳалок бўлган қирғизистонликларнинг жасадлари Маданият чегара назорат пункти орқали Қирғизистонга олиб келинганини маълум қилди.