Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали қилган мулоқотида Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юз берган фожиали воқеалар юзасидан фикр алмашди.
Мирзиёев матбуот хизматининг билдиришича, президент қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ҳамда вазиятнинг авж олишини тўхтатиш бўйича икки томонлама келишувларга эришилганини чин дилдан олқишлади.
Бундан ташқари, мулоқот давомида устувор йўналишлардаги кооперация лойиҳалари бўйича келишувларни рўёбга чиқариш, жумладан, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суриш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Сўнгги расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 14-17 сентябрь оралиғида содир этилган отишмаларда қирғиз томонидан камида 59 киши, жумладан, 40 нафар ҳарбий ҳалок бўлди, 200га яқин киши яраланди. Отишма бўлган ҳудудлардан 140 минг киши эвакуация қилинди.
Тожикистон ҳукумати эса отишмада 41 фуқаро ҳалок бўлганини билдирган. Озодлик радиоси тожик хизмати эса ўз манбаларига таянган ҳолда ҳалок бўлган 57 кишининг рўйхатини эълон қилди.
Қурбонлар ва яраланганларга оид маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имконияти ҳозирча мавжуд эмас.