“Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилоти сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг ҳибсга олиниши ва унга уйдирилган айбловлар қўйилишини қоралаши ҳақида баёнот тарқатди.
Ташкилотнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Жанна Кавелиега кўра, Сатторийнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистонда танқидчилар овозини ўчириш бўйича амалга оширилаётган ҳаракатларнинг яна биридир.
“Биз Сурхондарёдаги коррупция ҳолатларини яшириш мақсадида уйдирилган айбловлардан фойдаланилишини кескин қоралаймиз ҳамда ўзбек расмийларни бу блогерни зудлик билан озод қилиб, унга қарши барча маҳкамаларни тўхтатишга чақирамиз”, деган Жанна Кавелие.
Блогер Отабек Сатторий Термиз шаҳар Темир Мирзаев кўчасидаги хонадонидан 30 январь куни гуруҳ фуқаро кийимидаги бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари томонидан “Жентра” русумли машинага ўтқазилиб, олиб кетилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари блогерни товламачиликда айбламоқда. Айни пайтда унга нисбатан эҳтиёт чораси ўлароқ қамоқ жазоси қўлланилган. Агар у айбдор деб топилса, 10 йилгача қамалиши мумкин.
Яқинда 41 ёшга тўладиган блогер Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида вилоят ҳокими Тўра Боболовни танқид қилгани билан танилган.
Аввалроқ қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) ҳам Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган Сатторийни озод қилишга чақирганди.