“Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти Россияда ўз фаолиятини тўхтатди

“Чегарасиз шифокорлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти Россиядаги ўз фаолиятини тўхтатган. Ташкилот баёнотида бунинг мажбурий қадам бўлгани айтилган.

Август ойида “Чегарасиз шифокорлар” Адлия вазирлигидан унинг Россиядаги шуъбаси хорижий ноҳукумат ташкилотлари филиаллари ва ваколатхоналари реестридан чиқарилгани ва ташкилотнинг Россиядаги офисини ёпиш лозимлиги ҳақида хат олган.

Хабарларга кўра, Россия Адлия вазирлиги бунга расмий сабаб ўлароқ ташкилот филиалининг фаолияти низомга мувофиқ эмаслигини кўрсатган.

“Чегарасиз шифокорлар”нинг Россиядаги фаолияти учун масъул бўлган вакили Норман Ситали ташкилот Россиядаги ўз филиалини “юракда оғриқ билан” ёпаётганини ва агар кейинчалик имкон бўлса, ўз ишини тиклашдан мамнун бўлишини айтган.

“Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти Россияда 32 йил давомида фаолият олиб борган. У Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари, Архангельск, Иваново ва Кемерово вилоятлари, Чеченистон, Ингушетия ва Доғистонда ўз дастурларини амалга оширган. Улар сил касаллигини, айниқса унинг муолажаси қийин бўлган шаклларини даволаш ва олдини олиш, ОИВ, бошқа юқумли касалликлар, хатар гуруҳлари, шу жумладан мигрантлар билан ишлаш кабилар билан шуғулланишган.

Украинада уруш бошланганидан кейин “Чегарасиз шифокорлар” Украинадан келган қочқинлар ҳамда Россиянинг чегараолди вилоятларидан хавфсиз минтақаларга кўчган россияликларга тиббий ва гуманитар ёрдам бериб келишган.